صحبت منوروف

اوزبیکستان حقیده

نوروزبیره می

Amir Alisher Nawaining 570 Yilligi munosabati bilan

|
|
۲۴
دلو
۱۳۸۹

 

 

 

 

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий  

 кутубхонаси:140 йил маданият ва маърифат

 

хизматидa

 

 

Инсоният томонидан асрлар давомида тўпланган улкан ахборотлар тўплами ҳар бир даврда жамият ва давлат билан яқин алоқада бўлган ва уларнинг манфаатлари ва эҳтиёжларига хизмат қилган кутубхоналарда сақланиб келган. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Ўзбекистоннинг бой тарихи ва ҳозирги ривожланишини очиб берувчи, халқ анъаналари ва урф-одатларини, инсониятнинг билимларини энг аввало, Ўзбекистон ва унинг миллий манфаатларига алоқадор ҳолда акс эттирадиган   миллий ва илмий аҳамиятга молик хорижий ҳужжатларнинг энг тўлиқ тўпламига эга. Ўз мақсадига кўра кутубхона кутубхоначилик, библиографик, илмий-тадқиқот, илмий-методик ва ахборот фаолиятини олиб борадиган ахборот ва маданий-маърифий муассаса ҳисобланади.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасиниг ташкил этилиши ва шаклланиши тарихи республика босиб ўтган барча босқичлар билан, буюк маърифатпарварлар, олимлар, маданият, адабиёт ва санъат арбоблари, республиканинг кўзга кўринган кутубхонашунослари ва библиографилари номлари билан чамбарчас боғлиқ.

1870 йилда Тошкент оммавий кутубхонаси тарзида ташкил этилган кутубхона даставвал республика маданияти ва маърифати учун муҳим бўлган вазифаларни ҳал қилиш, жумладан, фондларни тўлдириш, сақлаш ва улардан кенг фойдаланишга сафарбар этилган ва доимо ўзиннг асосий принципларига содиқ қолган.

Марказий Осиёдаги Европа типидаги энг қадимий кутубхоналардан бири бўлиб, у ўз фондларида 10 миллиондан ортиқ китобларни тўплаган ва сақлайди, улардан 3,5 миллиондан ортиғи кутубхона ҳузуридаги республика Миллий китоб палатасида сақланувчи миллий босма нашрларидир. XV-XIX асрларда чоп этилган нашрларнинг 250 мингдан ортиқ нусхаларидан иборат алоҳида қимматга эга тўпламлар кутубхона фахри ҳисобланади, улардан 16 минг нусха нодир ва қадимий нашрлар тўпламлари, қўлёзмалар, литографиялар, биринчи миллий даврий нашрлар, китоблар ва бошқа ҳужжатлардан иборат миллий ёзма асарлардир. Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, ал Бухорий, ибн Жазулий, Ҳамадоний ва бошқа кўзга кўринган давлат ва жамият арбоблари, тарихчиларнинг қўлёзма асарлари шулар жумласидандир. Ўзбек тилидаги илк босма китоблардан иборат қуйидаги Туркистон китоблари: Ш.М. Ибрагимов. Тақвим (Тошкент, 1872), Н.П. Остроумов. Амир Темур (Тошкент, 1890), Н.П. Остроумов. Ўш шаҳри тарихи (Тошкент, 1885). Ўзбекистон тарихи бўйича асарлар: мақола ва тўпламлардан тузилган 594 томли «Туркистон тўплами», Туркистон ўлкаси тўғрисида материаллар тўплаган машҳур россиялик библиограф В.И. Межов «Туркистон тўплами» асарига жалб этилган. А.Л. Куннинг тўрт қисмдан (тарихий, археологик, этнографик ва ҳунармандчиликка оид) ва ўнта жилддан иборат (жами 1300 та фотосурат) «Туркистон альбоми» (1871 й.); Хива хони Абдулғозининг ўзбек адабиётининг мумтоз асари ҳисобланмиш «Шажира-и-турк» асарининг рус тилига ўгирилган илк таржимаси – «Родословная история о татарах...» (СПб., 1768), Филипп Ефремовнинг «Бухоро, Хива, Эрон ва Ҳиндистон бўйлаб ўн йиллик саёҳати ва у ердан Англия ва Россия орқали ортга қайтиш. Уларнинг ўзлари томонидан ёзилган» (СПб., 1785) асарининг илк нашри. Туркистонда чоп этилган қуйидаги илк газеталар тўпланган: «Туркистон вилоятининг газетаси» (1870–1917), «Туджор» (таржима) (1907), «Турон» (1919), «Садои Туркистан» (1914), «Иштракиюн» (1917), «Туркестанские ведомости» (1870–1917), «Самарқанд» (1904–1907) газеталари ва бошқа газеталар.

Хорижий ва эски славян тилларида XVI-XIX асрларда чоп этилган китоблар тўплами ва кўплаб бошқа Ғарбий Европанинг ноёб китоблари тўпланган, улар орасида «Петр ва Екатерина даври» дунёвий асари, ҳарбий-тарихий мавзудаги нашрлар жой олган. Б.Эрбело томонидан тузилган ва 1697 йилда Парижда чоп этилган «Шарқ энциклопедияси», 1611 йилда Ганновер шаҳрида чоп этилган «Салб юришлари салномаси», 1520 йилда машҳур гуманист ва олим Ульрих Гуттен томонидан ёзилган муаллиф дастхати туширилган «Шикоят» нашрлари шулар жумласидандир.

Машҳур ўзбек ёзувчилари, рассомлари, олимлари, жамоат арбоблари дастхатлари туширилган китобларнинг катта тўплами катта қизиқиш уйғотади.  А.Чўлпон, Фитрат, У.Носир, Ғ.Ғулом, А.Қаҳҳор, А.Қодирий сингари ўзбек мумтоз адабиёти намояндаларининг ҳаётлик чоғида чоп этилган илк асарлари, шунингдек А.С.Пушкин, Л.Н. Толстой, А.П.Чехов каби рус адабларининг асарлари шубҳасиз катта қимматга эга, уларнинг асарлари кутубхона фондида муносиб ўрин тутади.

Ҳар йили 500 минг фойдаланувчи кутубхонанинг китоб залларига ташриф буюради, 2 миллиондан ортиқ китоб нусхалари берилади. Ёшлар китобхонларнинг асосий контингентидир. Миллий кутубхона ёшлар билан ишлашга (Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этаид), китобхонлар контингентини ташкил этишга, китобхонларнинг гуруҳлари учун ахборот саралаб олишга, ишлаш шакллари ва методларига алоҳида эътибор бермоқда. Собиқ ёшлар бўлими базасида энг янги ахборотни тезкор ва сифатли етказиб берувчи ва ахборот саводхонлиги ва билимларини оширишга, ёшлар таълимига ва уларнинг маданият, фан ва таълимга бўлган қизиқишини оширишга кўмаклашувчи Ёшлар ахборот-ресурс маркази ташкил этилди. Ҳар йили кутубхона каталоглари ва картотекаларида билим ва маслаҳатларнинг барча соҳалари бўйича ҳам ёзма, ҳам оғзаки 120 мингдан ортиқ библиографик маълумотлар изланади. Ахборот-кутубхона муассасалари кенг жамоатчилиги ва мутахассислари учун ҳар йили 300 дан ортиқ турли тадбирлар ўтказилади, конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, адабий кечалар, тақдимотлар шулар жумласидандир. Анъанавий «Бетгерхонлик», «Мутолаа байрами», «Электрон кутубхоналар тармоқларида илмий-таълим ахборотини яратиш ва улардан фойдаланиш технологияси» семинари ва тақдимоти сингари тадбирлари якунлари бўйича республика ва хориж кутубхоналарига тарқатиладиган асарлар ва материаллар тўплами чоп этилади.

                 1999 йилдан бери кутубхона ўзининг қуйидаги электрон ресурсларини яратиб келмоқда: барча турдаги ҳужжатлар учун электрон каталог (200 мингдан ортиқ ёзув), авторефератлар ва диссертацияларнинг электрон маълумот базалари, Ўзбекистонга келтириладиган ва «Узбекистаника» МБда сақланадиган даврий нашрлар таҳлилий рўйхати. 594 жилддан иборат «Туркистон тўплами», фотосуратлардан иборат «Туркистон альбоми», Туркистон даврий нашрлари, миллий нашриётнинг ноёб китоблари, республика тарихига оид нашрлар каби республиканинг миллий маданий бойлигига тааллуқли кутубхонанинг энг қимматли тўпламларини рақамлаштириш воситасида тўлиқ матнли электрон ресурсларни яратиш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Кутубхона мутахассислари ўқув юртлари кутубхоналарида ишловчи кутубхоначилар меҳнатини енгиллаштириш, китобхонларга хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш учун мўлжалланган «Ахборот-ресурс марказларининг корпоратив автоматлаштирилган тизими» (КАРМАТ) – шахсий миллий АБИС ишлаб чиқувчилари ҳисобланади. Каталоглаштиришнинг халқаро талабларига жавоб берадиган «Китобхонларга масофавий хизмат кўрсатишнинг автоматлаштирилган тизими» ишга туширилди ва республиканинг ахборот-кутубхона муассасалари томонидан ўз электрон каталоги маълумотлар базасидан фойдаланиш бўйича кенг имкониятлар беради.

2002 йилда кутубхонага «Миллий» мақомининг берилиши билан халқаро профессионал ҳамкорлик унинг фаолиятида устувор йўналишга эга ва асосий миссиясини бажаришнинг воситаларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги вақтда ҳам анъанавий, ҳам электрон манбалардаги даврий нашрларга обуна бўлиш имконини берадиган хорижий нашриёт компаниялари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик доралари кенгайди. МБҲ иштирокчи мамлакатларининг Инсонпарварлик ҳамкорлиги давлатлараро фонди молиявий кўмагида кутубхона Диссертацияларнинг виртуаль ўқув залини очиб, Россия давлат кутубхонасининг Диссертациялар электрон кутубхонасидан фойдаланиш ва мунтазам равишда фондларни Россия ва бошқа хориж давлатларининг янги илмий-таълим нашрлари билан тўлдириш имконятига эга.

Халқлар ўртасидаги мулоқотга кўмаклашадиган, кооператив ресурслардан кенгроқ фойдаланиш ва мамлакатларни яқнлаштирувчи янги ахборот ресурсларини яратиш имконини берадиган турли мамлакатларнинг миллий кутубхоналари, илмий-техник ахборот миллий марказлари билан икки томонлама алоқалар янги устуворликларга эга бўлади ва янада ривожлантирилади. Ҳозирги вақтда ўзаро ҳамкорлик ва шериклик бўйича ўн битта Битим имзоланган ва амал қилмоқда. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси «Евросиё Кутубхоналар Ассамблеяси» Нотижорат ҳамкорлиги аъзоси (2005 йил 8 декабрь), Кутубхона уюшмалари ва муассасалари халқаро федерацияси фондларини китоблар билан тўлдириш қўмитаси аъзоси (ИФЛА) ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг глобал ахборот тизимига киришининг ва республикада ахборот жамиятини яратишнинг ўта муҳимлигини тушунган ҳолда ва мазкур жараёнда кутубхоналар ролини ошириш мақсадида доимий равишда ҳамкасблар тажрибасидан фойдаланиш, хорижлик ҳамкорлар билан алоқаларни кучайтириш зарур. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ташаббуси билан вазирлик ва идоралар кўмагида мунтазам равишда “Central Asia 1999, 2002, 2004, 2006, 2008” «Фан, таълим, маданият ва бизнесда Интернет ва кутубхона-ахборот ресурслари» Халқаро конференцияси ўтказиб борилади. Унда Россия, Марказий Осиё, Америка, Болтиқбўйи мамлакатлари, Европа ва АҚШ олимлари ва кутубхоначилари фаол иштирок этади. Халқаро конференция республикада ахборот жамиятини шакллантиришга, миллий ахборот ресурсларини яратишга ва ўзининг ахборот салоҳияти билан жаҳон ахборот тизимига киришга қаратилган ислоҳотлар ўтказиш учун сезиларли туртки беради. 2010 йил октябрь ойида Фарғона водийсининг меҳмондўст замини ҳисобланган Наманган шаҳрида навбатдаги «Central Asia 2010» конференцияси бўлиб ўтади.

Республика кутубхона ходимларининг халқаро конференциялар, форумлар, китоб кўргазмалари ва ярмаркаларда иштирок этиши ижобий натижа бермоқда. Бу алоҳида қадр-қимматга эга Туркистон ва Шарқ нашрларини сақловчи кутубхона, ахборот ва кутубхона маркази сифатида халқаро ҳамжамиятга ўзини таништиришнинг ягона имкониятидир. Нафақат кутубхона ходимлари, балки охирги вақтларда касбга доир семинар ва конференцияларда фаол иштирок этувчи республика китоб чоп этувчилари ва ахборот хизматлари кўрсатувчилар ҳам халқаро даражада мулоқот қилиш муҳимлигини тушуниб етди.

Миллий ҳужжатли мерос, алоҳида қадр-қимматга эга манускрипт ва Шарқ литографияларини сақлашни мақсад қилган халқаро лойиҳалар алоҳида гуруҳни ташкил этади. Кутубхона бу борада, шунингдек ахборот технологиялари соҳасида кутубхона мутахассисларини ўқитишга ва кутубхона фанлари ўқитувчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашга қаратилган бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан Ўзбекстондаги ЮНЕСКО ваколатхонаси, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ваколатхонаси, Тошкентдаги Гёте институти, БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД), ТЕМПУС билан узвий ҳамкорлик қилади. 

Бизнингча, умумий маданият, анъаналар ва тарихий пойдеворга эга бўлган Ўрта Осиё минтақаси миллий кутубхоналари ўртасидаги ҳамкорлик кутубхоналараро ҳамкорликда янги, самаралироқ йўналиш касб этиши керак. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон миллий кутубхоналари ҳамдўстлик доирасида миллий ҳужжатли меросни сақлаш ва фойдаланувчиларни миллий ахборот ресурслари билан таъминлаш бўйича ягона ахборот маконини яратишга доир вазифаларни ҳал қилиш учун ваколатли ташкилотга бирлашишлари зарур. МДҲ мамлакатлари МБА тизимида ҳам узилган китоб айирбошлаш алоқалари, нашриёт ва тадқиқот лойиҳаларини тиклаш йўлларини излаш зарур.

«Миллий» мақоми нафақат кутубхона тузилмасига, балки унинг илмий-тадқиқот, методик ва нашрилик фаолиятига ўзгартиришлар киритди. «Ўзбекистон Миллий кутубхонаси» нашриётида ҳар йили 30 дан ортиқ номда методик-библиографик қўлланмалар чоп этилади, 10 дан ортиқ нашрлар ўзбек халқининг бой тарихий-маданий мероси, унинг анъаналари ва ўзга хос маданияти, Шарқ мутафаккирлари, Ўзбекистон олимлари, шоирлари, маданият ва санъат арбоблари ижодий меросини очиб беришга қаратилган. Бир қанча йўналишлар бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқдаб Булар: кутубхона иши тарихи, кутубхона жараёнларини автоматлаштириш, маркетинг тадқиқотлари, ўқиш социологияси ва психологияси. Кутубхона ходимларининг республика ва хориж матбуотидаги илмий нашрлари сони сезиларли ошди. Кутубхоналарда ахборот технологиялари, миллий электрон каталог яратиш ва ундан фойдаланишнинг тадқиқот методлари ва воситаларини ишлаб чиқиш, ёшларнинг ахборот маданиятини ўрганиш, ўқиш маданияти – булар асосий, бироқ кутубхона жамоасининг тўлиқ бўлмаган илмий ишланмалари рўйхатидир. Кутубхона жамоаси илмий кадрлар билан тўлдирилди, улар орасида икки нафар фан доктори, тўрт нафар фан номзодлари бор. Охирги вақтда кутубхонанинг уч нафар ходими «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони билан, икки нафари «Дўстлик» ордени ва «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Ўз тараққиётининг ҳозирги босқичида кутубхона ахборот технологияларини жорий этиш, умумий электрон каталогни автоматлаштириш ва яратиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика аҳолисини ахборот-кутубхона ресурслари билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида»ги Қарорини (2006 йил) рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан Интернетда кутубхона ахборотини беришни ҳисобга олган ҳолда республиканинг ахборот-кутубхона муасасалари тармоғини, уларнинг ахборот ресурсларини такомиллаштириш ва ривожлантириш, уларни норматив-ҳуқуқий таъминлаш бўйича асосий вазифаларни ҳал этади.  Кутубхона республика ахборот-кутубхона тизими фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгашнинг ишчи органи ва «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида», «Ҳужжатларнинг мажбурий нусхаси тўғрисида»ги қонун лойиҳалари, миллий кутубхоначилик стандартлари, шунингдек республикада ахборот-кутубхона ишини ривожлантириш Концепциялари ва Дастурлари ишлаб чиқилиши ташаббускори ҳисобланади.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси анъаналарга содиқ ва унинг тақдири ҳали ҳам мамлакатимизнинг эртанги кунига чамбарчас боғлиқ. Унинг барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан давлат томонидан берилган ҳуқуқий кафолатларга, жамоа саъй-ҳаракатларига ва манфаатдор ташкилотлар, шу жумладан халқаро ташкилотлар ёрдамига боғлиқ. Ушбу салоҳиятдан фойдаланиб, кутубхона жаҳоннинг миллий кутубхоналари ҳамдўстлигида тегишли ўринни эгаллайди.

 

Абсалом Одилович Умаров – Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори, социология фанлари доктори

 


شو موضوعده




۱۳۹۳
اسد
۲۲





ستاکهولم، سویدن

info@baborshah.com